14:05 | 27 November 2015
Қамчиқ довонида табиий ҳодисаларни кузатиш тизими ишга тушади
2016 йилдан Фарғона водийсидаги Қамчиқ довонида хавфли табиат ҳодисаларини мониторинг ва кузатиш учун янги тизим ишга туширилади. 25 ноябрь куни БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Стефан Приснер ҳамда Европа Комиссиясининг Марказий Осиё ва шарқ мамлакатларига инсонпарварлик ёрдами ва фуқаро ҳимояси бўйича минтақавий идораси (DG-ECHO) раҳбари Карлос Афосон тизимни ишга туширишга тайёргарлик ишларини кўздан кечирди.
Gazeta.uz интернет нашрининг хабар беришича, Қамчиқ довонининг географик жойлашуви хусусиятига кўра ер кўчиши, тош қулашлари ва кўчкилар содир бўлиши хавфи юқори ҳисобланиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун кузатув пунктларини доимий равишда янгилаб, техник қайта қуроллантириб туришни тақозо этади. Ўзбекистонда хавфли табиат ҳодисалари устидан мониторинг ва кузатиш тизимини такомиллаштиришга инновацион ёндашув БМТ ТД томонидан ЕКнинг Инсонпарварлик ёрдами ва фуқаро ҳимояси департаментининг Офатларга тайёргарлик кўриш дастурининг молиявий кўмагида амалга ошириш таклиф қилинган эди.
Яқиндагина ишга туширилган “Қамчиқ довонида табиий офатлар хавфини бошқариш” лойиҳаси мақсад ва вазифаларида техник таъминот ҳамда фавқулодда вазиятларда хавфсизлик ва хатти-ҳаракатлар қоидалари ҳақида аҳолини хабардорлигини оширишга кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилади.
БМТ ТДнинг Тошкентдаги ваколатхонаси хабарига кўра, сўнгги авлод камералари 60 даража совуқ ва 70 даражагача иссиқ об-ҳаво шароитида ҳам атрофни 360 даражада тасвирга тушириб, тунги вақтларда ҳам кузатув олиб боради.
Лойиҳа доирасида ўрнатилган видеоконференцалоқа тизимлари онлайн режимда ФВВ инқироз вазиятларини бошқариш марказининг Тошкентга тасвирларни трансляция қилиш имконини беради. Бу теўкор қарорларни қабул қилиш зарурияти туғилганида вақтни тежашга ва фавқулодда вазиятларда ўз вақтида ёрдам кўрсатиш имкониятини тақдим этади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида ФВВ мобиль иловасига «SOS» функцияси ҳам киритилиб, мутахассисларга ҳодиса жойини аниқлаш ва биринчи кўмак кўрсатиш учун бу ҳақда мутахассисларга маълумот юборади. Бундан ташқари, мунтазам раившда довон яқини (Тошкент ва Наманган вилоятлари) истиқомат қилувчи аҳоли тайёргарлиги бўйича комплекс ишлар олиб борилади.
Manba Kun.uz